Жиззах шаҳрида “Маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг бюджет жараёнидаги ваколатларини мувофиқлаштириш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Мазкур тадбир БМТ Тараққиёт Дастурининг "Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш”: 2-босқич  лойиҳаси доирасида вилоят ҳокимлиги, БМТТД лойиҳаси ва Тошкент молия интситути билан ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинар-тренингда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар ва бошқармаларнинг масъул ходимлари  қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг мазмун ва моҳиятини тарғиб қилиш, бюджет тизими ва жараёнига доир билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган ушбу анжуманда иштирок этган БМТ ТД лойиҳа раҳбари ўринбосари Орзимурод Ғайбуллаев маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бюджет бўйича ваколатларини мустаҳкамлаш масалаларига атрофлича тўхталди. 

Таъкидлаш жоиз, БМТ ТД лойиҳаси билан ҳамкорликда маҳаллий бюджетлардан самарали фойдаланишда ижроия ва вакиллик органлари роли” мавзусида методик қўлланма ишлаб чиқилган. Шунингдек, молия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий ваколатларини кучайтириш мақсадида Бюджет кодексига таклиф ва ўзгартиришлар киритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Бу ишларни амалга оширишда, БМТ ТД лойиҳаси билан бирга вилоятдаги давлат бошқаруви органлари мутахассислари ҳам иштирок этишган.

Ўтказилган семинар-тренинг давомида Тошкент молия институтининг ўқитувчилари У. Ўроқов, О.Имомқуловлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими ва тузилмаси, тизимда маҳаллий бюджетларнинг ўрни ва аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Бюджет Кодексининг моҳияти ва аҳамияти, бюджетлараро муносабатлар, шунингдек, бюджет маблағларининг сарфланиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш дастурлари бажарилиши юзасидан Кенгашлар ва Парламент назорати, бюджет жараёнида маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг фаолияти бўйича маълумот ва зарурий тавсиялар берилди.