Охирги уч йил ичида Ўзбекистонга саёҳат учун келаётган туристлар сони 30 фоизга кўпайди. Ўз навбатида, туризм экспорти 3 баробарга ошди. Бу ҳақдаги маълумотлар “Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан тақдим қилинди.

2011 йилдан буён Ўзбекистонда “Мегаинфотур”лар ташкил қилинади. Уларда хорижий ОАВ ва туристик компаниялар вакиллари иштирок этади. Ҳар йили хорижий ОАВ ва туристик компаниялардан иштирок этувчилар сони ўртача 300 кишини ташкил қилади. Шу турлар ёрдамида бир қатор хорижий телеканаллар, жумладан, Euronews, BS-Asahi, World Travel, Россия 1 сингари телеканаллар билан алоқалар ўрнатилди. Улар орқали Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақидаги ҳужжатли фильмлар дунё юзини кўрмоқда.

Яқинда Ўзбекистонга тур доирасида ташриф буюрган Япония делегацияси таркибида NHK телеканали, “Асахи Шимбун” ва “Секаи Ниппо” газеталари вакиллари бўлди. Улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига саёҳатлар уюштиришди. Бу саёҳат давомида олинган кадрлар “Ўзбекистон маданий мероси йўналишларида саёҳат” номли фильмга айлантирилиб, Япония телеканаллари орқали намойиш қилинди.