Ёзнинг жазирама кунлари ҳам бошланди. Бу пайтда, айниқса, сув ҳавзалари ва пляжлар гавжум бўлади. Аммо сув нафақат салқинлик ва ҳузур-ҳаловат бахш этади, балки унда кўплаб хавф-хатарлар ҳам яширинган...

Мамлакатимизда бўш вақтни мазмунли ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва болалар спортини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунинг самарасида сув ҳавзалари ва аквапарклар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шунга қарамасдан, шаҳар аҳолисининг чўмилишга мўлжалланмаган жойлар – фавворалар, канал ва дарёларнинг хавфли жойларида чўмилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассисларининг сўзларига кўра, ушбу ҳавзалардаги ифлосланган сув чўмилувчиларда ўткир ичак инфекциялари, гепатит, ичбуруғ, ич терлама каби касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

– Пойтахтимиздаги барча сув ҳавзаларидан олинган намуналар мунтазам бактериологик ва кимёвий текширувдан ўтказилади, – дейди Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим бошлиғи Темур Мусаев. – Сув ҳавзалари ва фаввораларда санитария-эпидемиологик меъёрларга мос келмайдиган сув борлиги аниқланса, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан сувни зарарсизлантириш ва янгилаш талаб қилинади. Масалан, фавворалардаги сув янгиланмаслиги боис тез ифлосланади. Уларда чўмилиш болалар учун ўта хавфли. Негаки, чўмилиш пайтида тасодифан сув ютиб қўйиши эҳтимолдан холи эмас.

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг таъкидлашича, чўмилишга мўлжалланмаган очиқ сув ҳавзалари болалар ва катталар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин. Каналларда сувнинг совуқлиги, оқимнинг тезлиги, дарёларда учраб турадиган маиший чиқиндилар, ота-оналар масъулиятсизлиги, шунингдек, чўмилишга келганларнинг ўзига ҳаддан зиёд ишониши каби омиллар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётир.

Бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман ҳокимликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда чўмилиш хавфли бўлган сув ҳавзалари ва каналлар қирғоқларини ҳар йили мониторинг ва назорат қилиб келмоқда. Зарур жойларга қўриқлаш ва кузатув постлари ўрнатилиб, туну кун навбатчилик йўлга қўйилган.

– Сўнгги йилларда бахтсиз ҳолатлар сони сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳусан Бобонов. – Буни кўп жиҳатдан аҳоли ўртасида семинарлар ва тушунтириш ишларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, қутқарувчи-ғаввослар тайёрлаш ишлари такомиллаштирилиб, кузатув постлари замонавий техникалар билан жиҳозланмоқда.

Чўмилиш мавсуми айни авжига чиққан бу палла болаларга қувонч бағишлаш билан бир қаторда, ота-оналардан ўта масъулиятли бўлишни талаб этади. Зеро, болалар хавфсизлиги ҳамма нарсадан устундир.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА