Ўзбекистон делегациясининг дастлабки гуруҳи “Универсиада-2015” ўйинларига жўнаб кетмоқда

Спорт 01 Июль 2015 2191

Жорий йилнинг 3-14 июль кунлари Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида талабалар ўртасида Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ўтказилади. Бу йилги мусобақаларда 120 давлатдан 12.000 нафар талаба спортчи 21 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу ҳақда olympic.uz маълум қилган.

12 кун давомида ўтказиладиган мазкур мусобақаларда жами 272 комплект медаллар ўйналиб, ўйинларнинг тантанали очилиш маросими 3 июль куни, ёпилишига бағишланган тадбир эса 14 июль куни бўлиб ўтади.

Бутунжаҳон Универсиада-2015 ўйинларида Ўзбекистон шарафини 31 нафар спортчи академик эшкак эшиш, енгил атлетика, таэквондо (WTF), теннис, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика ва дзюдо каби спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ватан шарафини ҳимоя қилишади.

Бугун академик эшкак эшиш спорт тури вакиллари (4 нафар спортчи ва 1 нафар мураббий) Кванджу шаҳрига жўнаб кетади. 2 июль куни теннис, қиличбозлик, спорт гимнастикаси ва дзюдо спорт турлари вакиллари Жанубий Кореяга йўл олишса, таэквондочилар 5 июль куни, енгил атлетикачилар 6 июль санасида ва ниҳоят бадиий гимнастикачилар 9 июль куни Универсиада ўйинларида иштирок этиш учун йўл олишади.

Қуйида Универсиада ўйинларида иштирок этадиган спортчилар рўйхати берилган:

Академик эшкак эшиш – Краснов Анатолий, Мамбетназаров Исламбек, Усмонов Зафар, Яров Алишер. Мураббий: Шугуров Дмитрий

Теннис - Меренкова Полина, Шарипова Сабина, Шофайзиев Шониғматжон, Цой Павел. Мураббий: Безверхов Валерий

Қиличбозлик - Александров Роман, Хакимова Малика. Мураббий: Пелих Геннадий

Енгил атлетика - Асланиду Анастасия, Свечникова Анастасия, Шокиржонов Бобур. Мураббий: Тўхтабоев Низомжон

Бадиий гимнастика - Назаренкова Елизавета. Мураббий: Горбулина Наталья

Спорт гимнастикаси – Абдусалимова Дилноза, Рустамов Алиёр, Хамдамов Абдумалик, Исмоилов Хусниддин, Шаулов Эдуард. Мураббийлар: Шаулов Константин, Ли Людмила

Таэквондо – Шокин Дмитрий, Шералиев Сарварбек, Хан Владислав, Уролов Темурбек. Мураббий: Ким Александр

Дзюдо - Расулов Камолиддин, Сатторов Давронбек, Шарипов Фахриддин, Арслонов Шуҳратжон, Болтаев Болтабой, Иноятов Бахром, Турабоев Шуҳрат, Ашуров Айбек. Мураббий: Тангриев Абдукарим

Маълумот учун, Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари Университетлар спорти халқаро федерацияси (FISU) томонидан ташкил қилиниб, талаба спортчилар ўртасида ўтказилади. Биринчи Универсиада ўйинлари 1959 йилда Италиянинг Турин шаҳрида ўтказилган бўлиб, шундан буён ҳар икки йилда ташкил этиб келинади.

Ўзбекистон спорт делегацияси 1999 йилдан буён мазкур ўйинларда иштирок этиб келади. Спортчи талабаларимиз 2001 йилда 1та олтин, 2003 йилда 2та олтин, 2005 йилда 1та олтин, 2007 йилда 1тадан олтин ва кумуш, 2009 йилда 2та бронза, 2011 йилда 1та бронза, 2013 йилда эса 2та олтин, 7та кумуш ва 10та бронза медалига сазовор бўлишган.

Кўпроқ янгиликлар