Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг “Ўзбекистонда инновацион фаолиятни янада такомиллаштиришнинг бугунги ҳолати” мавзуcидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Н.Умаров, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раисининг ўринбосари О.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ватанимиз илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, фан ютуқларини ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг долзарб масалаларини ҳал этишга йўналтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасаларининг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ижро ва бюджет интизомини мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.