Муборак Рамазон ойининг улуғ кунлари барчамизга яна бир бор муборак бўлсин! Мағфират ойининг деярли ярмини ҳам ортда қолдирмоқдамиз. Бу кунларни тоат-ибодатда, хайру эҳсонда, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказишимиз юртдошларимизни қувонтирмоқда. Айниқса, мамлакатимиздаги жоме масжидларда яратилган шароит таҳсинга сазовор.
Хабарингиз бор, жорий йил 17 июн санасидан бошлаб Республикамиздаги кўплаб масжидларда таровеҳ намозлари адо этилиб, муқаддас Қуръони Карим хатм қилинмоқда. Уларда 800 дан зиёд қорилар халқимизга Қуръон тиловат қилиб, қалбларига хушнудлик улашмоқда. Шу кунларда жоме масжидларимизда Қуръон Каримнинг хатмона кунлари ўтказилаяпти. Пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида ҳам таровиҳ намозлари осойишта, эмин- эркин, қулай шарт – шароитда адо этилмоқда.



8 мингга яқин намозхон қатнашаётган таровиҳ намозларини юксак савияда ўтказилишида Ички ишлар ва мутасадди ташкилотлар ходимлари, масжид ходимлари ва кўнгилли ёшлар хизмат қилишмоқда. Шу кунга қадар Қуръоннинг Каримнинг 21 жузи Ҳасан қори ва Насруллоҳ қорилар томонидан тиловат қилиб бўлинди.

 

“Шайх Зайниддин” жоме масжидида Қуръони Карим хатмонаси Рамазоннинг 20 - кечаси, 7 июл санасига белгиланган.



“Шайх Зайниддин” жоме масжиди матбуот хизмати / Muxlis.uz