"Ёзнинг жазирама кунларида, айниқса, сув ҳавзалари ва пляжлар гавжум бўлади. Ўзбекистонда сув ҳавзалари ва аквапарклар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шунга қарамасдан, шаҳар аҳолисининг чўмилишга мўлжалланмаган жойлар – фавворалар, канал ва дарёларнинг хавфли жойларида чўмилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди", дейилади УзА хабарида.

Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассисларининг сўзларига кўра, ушбу ҳавзалардаги ифлосланган сув чўмилувчиларда ўткир ичак инфексиялари, гепатит, ичбуруғ, ич терлама каби касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг таъкидлашича, чўмилишга мўлжалланмаган очиқ сув ҳавзалари болалар ва катталар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин. Каналларда сувнинг совуқлиги, оқимнинг тезлиги, дарёларда учраб турадиган маиший чиқиндилар, ота-оналар масъулиятсизлиги, шунингдек, чўмилишга келганларнинг ўзига ҳаддан зиёд ишониши каби омиллар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.

"Сўнгги йилларда бахтсиз ҳолатлар сони сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда. Буни кўп жиҳатдан аҳоли ўртасида семинарлар ва тушунтириш ишларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, қутқарувчи-ғаввослар тайёрлаш ишлари такомиллаштирилиб, кузатув постлари замонавий техникалар билан жиҳозланмоқда", – дейди Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳусан Бобонов.