Қозоғистон ТИВ ўзбекистонлик чегарачилар томонидан Қозоғистон фуқароларига нисбатан ўқотар қуролнинг қўлланиши, бунинг натижасида фуқаро Валихон Аҳмедовнинг ҳалок бўлиши юзасидан Тошкентга расмий эътироз нотасини юборади. Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили Алтай Абибуллаев маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, бир қатор Қозоғистон онлайн нашрлари 28 июнь куни Сирдарёда балиқ овига чиққан Сариоғоч тумани фуқароси Валихон Аҳмедов ўзбекистонлик чегарачилар томонидан отиб ўлдирилганлиги ҳақида маълумот тарқатган эди. Воқеа Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч тумани ҳудудидаги чегара зонасида содир бўлган. Шериги билан Сирдарёга балиқ овига чиққан Валихон Аҳмедов сув чегарасини бузишда айбланган, сўнг унга қарата огоҳлантиришсиз ўқ отилган. Унинг шериги Женгис Бакишев эсон-омон қирғоққа қайтиб келган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарачилари воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳам воқеага ўз расмий муносабатини билдирди: давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматининг маълумот беришича, 28 июнь куни Ўзбекистон чегара наряди 178-застава ҳудудида давлат чегарасини бузиш ҳаракатини тўхтатиб қолган.
“Икки қонунбузарга нисбатан қурол қўлланди, натижада улардан бири яраланди. Томонларнинг чегарачилари вакиллари ўртасида ўтказилган учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси чегарасининг Қозоғистон Республикаси фуқароси томонидан бузилиши факти кўриб чиқилди”, – дейилади хабарномада.
Шунингдек, қўмита вакиллари қозоғистонлик ҳамкасбларини чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришга чақирди.