Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Польша Республикаси Сейми вице-спикери Ежи Вендерлих раҳбарлигидаги парламент делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари С.Отамуротов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари С.Ортиқова билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ишонч принципларига асослангани таъкидланди. Икки мамлакат ўртасида иқтисодий, инвестициявий, таълим, маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. 30 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро шартнома ҳамда келишувлар имзолангани бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим иқтисодий шерикларидан биридир. 2014 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 166 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили Польшага Ўзбекистондан асосан қайта ишланган пахта, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари, минерал ўғит экспорт қилинди.

Парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Польша парламенти аъзоларининг мамлакатимизга жорий ташрифи ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Меҳмонлар мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, ижтимоий-сиёсий ҳаётда парламентнинг ролини ошириш ва унинг фаолиятини такомиллаштиришга доир ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан таништирилди. Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мулоқотлар чоғида Польша парламенти аъзолари Сейм фаолияти хусусида сўзлаб берди, Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

– Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан очиқлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтган учрашувлар ўзаро тажриба алмашишга кўмаклашди, – деди Польша Республикаси Сейми вице-спикери Ежи Вендерлих. – Парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга оид ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги икки томонлама муносабатлар улкан салоҳиятга эга. Бу ҳамкорликни барча йўналишларда ривожлантириш ва бунинг учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини тақозо этади.

Сардор Тожиев, ЎзА