30 июнда Туркияда бўлиб ўтган мамлакат парламенти спикери лавозими учун сайловларнинг 2-босқичида тўрт нафар номзоддан бирортаси ҳам зарур бўлган овозларни йиға олмади, деб эълон қилди парламент ҳисобот комиссияси.

7 июнда Туркияда ўтказилган парламент сайловларида сайловчиларнинг 40,8 фоизи ва парламентда 258та ўрин олган етакчи Адолат ва тараққиёт партияси ғолиб бўлганди. Бироқ ушбу партия парламентдаги кўпчилик ўринни бой берди ва ҳукуматни мустақил ҳолда шакллантириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Халқ-республика партияси 25 фоиз тўплади ва парламентда 132та ўринни эгаллади, Миллий ҳаракат партияси ва Халқлар демократияси партияси 80тадан ўринга эга бўлди.

Адолат ва тараққиёт партиясидан спикер лавозимига номзод, Туркия Мудофаа вазири Исмат Йилмаз овоз беришнинг 2-босқичида 256та овоз, Халқ-республика партияси номзоди Дениз Байкал 128та, Миллий ҳаракат партияси ва Халқлар демократияси партияси номзодлари Акмалиддин Эҳсонўғлу ва Денгир Мирмаҳмуд Фирот 80тадан овоз тўпладилар.

Туркия конституциясига кўра, спикер сайлови махфий овоз бериш орқали ўтказилади. 30 июнда бўлиб ўтган сайловларнинг 1- ва 2-босқичида спикер лавозимига сайловда ғолиб деб топилиш учун парламент аъзоларининг учдан икки қисми, яъни 550тадан 367та овоз тўплаш лозим эди. Зарур сондаги овозларни номзодлардан бирортаси ҳам тўплай олмагани учун 1 июлда сайловнинг 3-босқичи ва зарурат бўлса 4-босқичи ўтказилади. Бунда спикер лавозимига сайловда ютиш учун кўпчилик, яъни 276 нафар парламентарийнинг овозини йиғиш кифоя қилади.