1 июль куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида давом этаётган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи “Уимблдон” теннис турнири ҳудудида рекорд даражадаги иссиқ ҳаво қайд этилди.

Теннис баҳслари ўтказилаётган мажмуага яқин жойда жойлашган метеорологик станция 35.7° даража иссиқ ҳавони кўрсатган. Бу маълумотни Буюк Британия Метеорология хизмати ҳам тасдиқлади.

Бундан олдинги рекорд кўрсаткич 1976 йилги турнирда 34,6 даража иссиқ бўлганди. Яъни, деярли 40 йиллик рекорд янгиланди. 

Одатда июнь ва июль ойларида Лондон шаҳрида ҳаво ҳарорати 21-23 даража иссиқни кўрсатади.

"Катта Дубулға" туркумидаги "энг иссиқ турнир" Australian Open ҳисобланади. 2014 йилда Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтказилган Австралия Очиқ чемпионатида 43,3 даражали иссиқ ҳарорат кузатилганди.

Маълумот учун, Уимблдон теннис турнири 1877 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу йилги баҳслар 29 июнь куни бошланган бўлиб, 12 июль кунигача давом этади.