BMW компанияси Франциянинг Мирамас шаҳрида ўтказилган махсус тадбирда келажак технологиялари ҳақида ҳикоя қилиб берди. Яқин йилларда амалга ошириладиган ғоялар ичида водород элементларида ишлайдиган машинанинг бўлиши журналистларнинг диққатини тортди.
Автокомпания водородли автомобиль 2020 йилга қадар тайёр бўлишини тасдиқлади. Машина тақдимоти анча олдин ўтказилиши мумкин, лекин фақат кўрсатилган йилдагина уни ишлаб чиқаришни конвейерга қўйиш имконияти бўлади. Бугунги кунда мавжуд электромобиллардан фарқли равишда, водородли машиналарни қувватлантириш ёки ёқилғи қуйиш осонроқ бўлади.


Шунингдек, тадбирда маълум қилинишича, экологик моделлар учун ишлаб чиқилган BMW eDrive гибрид технологияси бошқа турдаги машиналар учун ҳам қўлланади. Жумладан, 2-Series Active Tourer гибридли компактвэн тақдимоти ўтказилди.
Охирги янгиликлардан яна бири совутиш тизими бўлди. Бу технология BMW M4да қўлланилиши айтилмоқда. Тизим моторнинг ёниш камерасидаги самарадорликни цилиндрларга сув пуркаш йўли билан ошириш принципи асосида ишлайди. Совутиш эффекти туфайли куч агрегатининг самарадорлиги янада ошади. Бундай тизим биринчи бўлиб BMW 1-Series машинасининг 1.5 л ли бензин двигателларида қўлланади.