АҚШда тайёрланган “Калашников” автоматлари савдога чиқарилди, деб хабар бермоқда Kalashnikov USA компанияси.

АК-47 автомати ишлаб чиқарувчилар томонидан такомиллаштирилди. Автоматни ишлаб чиқаришда энг янги технологиялардан фойдаланилди: ствол ва ўқдон занглашга қарши махсус воситалар билан ишланган ва стволда шовқинни пасайтирувчи қурилма (глушитель) учун ўйиқ ишланган.

Kalashnikov USA компанияси “Калашников” компаниясининг АҚШдаги расмий импортёри ва дистрибьютори ҳисобланади.

АҚШда Калашников автомати ишлаб чиқарилиши ҳақида ярим йил аввал эълон қилинганди ва айни пайтга келиб унинг илк нусхалари сотувга чиқарилмоқда.

АК автомати бежизга афсонавий қурол деб аталмайди: автомат яратилган вақтдан то ҳозирги кунгача ўтган 65 йил ичида ушбу автоматдан 100 млн.дан кўпроқ нусхаси сотилган. Бу автомат билан деярли 50та давлат армияси қуролланган. Автомат шунингдек, Осиё, Африканинг кўплаб давлатларида, Шарқий Европа ва Яқин Шарқда ҳам ишлаб чиқарилади.

Автомат 1947 йилда ўқотар қурол муҳандиси, россиялик Михаил Калашников томонидан яратилган. У дунёда энг кенг тарқалган ўқотар қурол ҳисобланади.