1992 йилдан буён Финляндиянинг Сонкаярви шаҳрида ҳар йили ўтказилиши анъана тусини олган аёлларни елкада кўтарган ҳолда масофани босиб ўтиш чемпионатининг бу йилги мусобақасига рекорд даражадаги иштиркочилар келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Yle агентлиги хабар берган.

Айни вақтда чемпионатда иштирок этиш истаги бўйича 70 жуфтликнинг аризаси қабул қилинган. Иштирокчиларнинг дастлабки вакиллари Сонкаяврига етиб келишган.

"Чемпионатга бундан кўп иштирокчи келиши ҳали кузатилмаганди", дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири Кайса Хюнюнен.

Чемпионатни ёритиш учун Россия, Буюк Британия, Германия, Дания ва Нидерландия каби мамлакатлардан ОАВ вакиллари ҳам ташриф буюришади.

Бу йил йигирма йиллиги нишонланадиган чемпионатда шу вақтгача энг кўп иштирокчи келиши 2008 йилда қайд этилган, ўша сафар 45 жуфтлик ўз омадини синаб кўрганди.

Маълумот учун, бу турнир қоидасига кўра, иштирокчи ўз елкасида рафиқаси ёки шеригини ортмоқлаган ҳолда 253,5 метрли қумли, ўтли, лойли, тўсиқли йўлни босиб ўтиши ва биринчи бўлиб маррага етиб келиши керак бўлади.

Унинг елкасидаги иккинчи иштирокчининг ёши 17дан, вазни эса 49 килограммдан кам бўлмаслиги талаб қилинади.

Қайд этиш жоизки, бундай турнирда энг кўп марта Эстония, АҚШ ва Австралия вакиллари ғалаба қозонишган.

Шу вақтгача ўрнатилган рекорд натижа - 55 секунд бўлиб, 2001 йилда Таллин шаҳридан келган Маргот Уусорг ва Биргит Ульрихт томонидан қайд этилган.