Франциянинг жануби-ғарбида жойлашган Ла-Рошель шаҳрида «Sunny Side of the Doc» ҳужжатли фильмлар халқаро фестивали бўлиб ўтди.

26-маротаба ўтказилган мазкур анжуман дунёнинг 60дан зиёд мамлакатидан 2 минг нафардан ортиқ мутахассисни ўз атрофига жамлади. Анъанага кўра, ушбу фестивалга ҳужжатли фильмларнинг катта қисми Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларида фаолият кўрсатадиган продюсерлик компаниялари томонидан тақдим этилди.

Мазкур халқаро анжуманда илк маротаба Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси делегацияси, жумладан, «Дунё бўйлаб» телеканалининг вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон делегациясининг бундан кўзлаган асосий мақсади ҳужжатли фильмларнинг жаҳон медиабозоридаги ҳозирги ҳолатини ва унинг ривожланиш тамойилларини тадқиқ этиш, хорижий мамлакатлардаги етакчи ишлаб чиқарувчилар ва дистрибюторлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ҳужжатли фильмлар дунёсидаги янгиликларни яқиндан ўрганиш билан изоҳланади.

Халқаро фестивал доирасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси вакиллари қатор тақдимот маросимларида қатнашганлари баробарида семинарлар чоғида ўзаро тажриба алмашишга ҳам муваффақ бўлишди.

Анжуман ташкилий қўмитаси вакиллари ушбу тадбир ишида Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасидан фақат ўзбекистонлик мутахассисларгина қатнашганини маълум қилишар экан, «Sunny Side of the Doc» ҳужжатли фильмлар халқаро анжуманидаги иштироки билан юртдошларимизни табриклашди. Улар сифатли медиамаҳсулотларни илгари суриш мақсадида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамиша тайёр эканликларини билдиришган.