Эрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Эрон делегациясидаги дипломатик манбага иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Манба МАГАТЭ бош директори Юкий Аманонинг Теҳронга келишининг муҳимлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

“Музокараларнинг бу босқичида Амано ва бизнинг расмий шахслар ўзаро ҳамкорлик қилишлари жуда муҳим ҳисобланади. Олдинда қиладиган ишларимиз кўп ва биз МАГАТЭ билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз керак. Ўйлашимча, Амано ҳамкорлик қилишга ижобий жавоб олади, чунки бунда Эроннинг мақсадлари ва қарорлари қаралмоқда. Агентлик биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Иккала томон келишувларни бир текис амалга ошириш учун бирга ишлашдан манфаатдор”, деб айтмоқда манба.

Бундан ташқари, Теҳрон ядровий музокаралар натижасида барча томонларни қониқтирадиган Эрондан ядровий ёнилғини олиб чиқиб кетиш бўйича қарор ишлаб чиқилишига эришилишига умид билдирди.