Икки кун муқаддам Суматра оролида Hercules C-130 ҳарбий транспорт самолёти ҳалокатга учраган жойдаги қутқарув ва қидирув операцияси деярли ниҳоясига етди. Индонезия ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони Агус Суприятнанинг сўзларига қараганда, бир гуруҳ ҳарбийлар жасадларни қидиришда давом этади.
Айтилишича, воқеа жойида самолёт олиб кетаётган 22 минг патрон топилган. Уларга жиддий зарар тегмагани аниқланди.
Топилган жасадлар сони 141/142тага етгани айтилмоқда. 62 нафарининг шахси аниқланган. Шимолий Суматра вилояти полицияси вакили Хелфи Ассегафнинг айтишича, улардан 31 нафари ҳарбий ҳаво кучларида, 6 нафари қуруқлик қўшинларида хизмат қилган, 25 нафари ҳарбий бўлмаган.
Шунингдек, вайрон бўлган уйлар ҳарбий ҳаво кучлари ҳисобидан қайта тикланади. Товон ва моддий ёрдам пуллари ҳам армия томонидан тўланади.