Интернетда Греция қарзини тўлаш учун маблағ йиғиш бўйича краудфандинг кампанияси тобора оммавийлашмоқда. IndieGoGo портали сайти шу муносабат билан юкламаларни кўтара олмай, вақти-вақти билан ишдан чиқмоқда.

Greece Bailout Fund акцияси давомида Москва вақти билан 19:46 га келиб 1 002 374 евро йиғилди. Бу сумма уч кун мобайнида 58 911 кишининг хайр-эҳсони эвазига йиғилди.

Греция учун пул йиғиш лойиҳасини англиялик Том Фини бошлади. Фини хайр-эҳсон қилганларга бонуслар ваъда қилмоқда. Ушбу мақсадда очилган махсус ҳисоб рақамига 3 евро ўтказган фойдаланувчи Греция бош вазири Алексис Ципраснинг фотосурати туширилган откриткани олиши мумкин. Фини 6 евро ўтказганларга грек салати, 10 евро учун бир шиша узо ичимлиги, 25 евро учун эса бир шиша грек виноси беришни ваъда қилмоқда.

5 минг евро ўтказган фойдаланувчилар Афинага йўлланма олишлари мумкин.

Аввалроқ бу кампаниянинг мақсади 7 июлгача қарзни қоплаш учун зарур бўлган 1,6 млрд еврони йиғишдан иборатлиги маълум қилинганди.