Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь – 1 июль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлат раҳбари Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи кунида Касби туманидаги “Камол Султон” фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. 

Қашқадарёлик деҳқонлар бу йил 145 минг гектар майдонда ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Шу кунларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. “Камол Султон” фермер хўжалиги алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. 67 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 40 центнердан ошириб ҳосил олинмоқда.

Бугунги кунда Қашқадарё ҳар томонлама ривожланган вилоятга айланди. Ўзбекистон саноат маҳсулотининг қарийб 11 фоизи, дон ва пахтанинг катта қисмини айнан шу вилоят етказиб бермоқда.

Президент Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга жавоб эканини, улар вилоят қиёфасини ўзгартириб, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Президент ташаббуси билан Қарши шаҳрининг ҳудуди кенгайтирилмоқда. Янги автостанция ва вокзаллар, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари, канализация ва коммуникация тармоқлари бунёд этилмоқда. Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун янада кенг қулайликлар яратилмоқда. 

Шаҳрисабзда ҳам улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилаётир. Шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида Қарши шаҳрига борадиган 129 километрлик замонавий йўл қурилмоқда.

"Қашқадарё буюк Соҳибқирон Амир Темурни вояга етказган замин. Бу ерда у зотнинг авлодлари – ғурури баланд, мард ва танти одамлар яшайди", дейди Ислом Каримов. 

Президент фермер ва ишчиларнинг меҳнат қилиши ҳамда дам олиши учун яратилган имкониятлар, оилавий шароитлари билан қизиқди. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат ва изчил ислоҳотлар самарасида халқимиз турмуш даражаси муттасил юксалиб бораётгани қайд этилди. 

Давлат раҳбари пахта ҳосили ривожига ҳам аҳамият қаратди. Қашқадарё иқлими ва тупроқ шароитига мос серҳосил навларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Ислом Каримов Косон туманидаги “Пудина массиви” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлди. 

Ушбу хўжалик аъзолари бу йил 31 гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштириб, унинг ҳар гектаридан 40 центнердан ҳосил олди. 

"Мустақилликнинг илк йилларидан фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганимиз нақадар тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Фермерлар халқимиз ризқ-рўзини етиштириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучга айланди. Лекин фақат ғалла ва пахта билан юксак фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларга янада кенг эркинлик бериш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини изчил ривожлантириш зарур", деди Ислом Каримов.