Қозоғистонда намойиш этилган “Назарбоев билан асосий нарсалар ҳақида” номли ҳужжатли фильмда давлат раҳбари мамлакатни банкротликдан қутқариш учун қилган ишлари ҳақида айтиб берди. Informburo.kz порталининг хабар беришича, фильм бугун, 2 июль куни, мамлакатнинг асосий телеканаллари орқали намойиш қилинган.

“Бу фожиали йиллар эди. Бутун иқтисодиётни давлат режаси ушлаб турарди. Ҳамма нарса, барча корхоналар, заводлар давлатга тегишли бўлиб, давлат режасига мувофиқ ишлар эди. Иқтисодиёт дотацион даражада эди. СССР тарқалиб кетгач, дотация берадиган одам ҳам қолмади”, – деди Назарбоев, 90-йилларни эсларкан.

“95-йилга қадар аҳвол шунақа эди, – давом этди сўзида Қозоғистон етакчиси. 1996 йилга келиб иқтисодиёт қимирлай бошлади. Биз охири яхши бўлишини бошқаларга тушунтиришга, уларни ишонтиришга ҳаракат қилар эдик. Дастлаб биз оғир саноатни оёққа турғаздик, кейин, пул ишлаб топиб, бошқа соҳаларга киритдик. Мен бу йўлнинг тўғри эканлигига ишонардим. Зудлик билан хусусийлаштиришни ўтказиш, инвесторларни таклиф қилиш керак эди”.

Назарбоевнинг айтишича, бу йўлда баъзан алдовга ҳам мурожаат қилишга тўғри келган:
“Ростини айтаман, биз ўйин қилар эдик. Улкан давлатлигимизни, дунёда ҳудуд жиҳатдан тўққизинчи ўринда туришимизни кўпиртириб айтар эдик. Самолётни одамга тўлдириб, АҚШга борардим. Бизнес-учрашув чоғида одамларимни таништирардим. Мана, Нурлан Самағулов, машинасозлик магнати дердим, аслида эса у машина сотарди. Бўлат Абилов, савдо гиганти дердим, аслида у спорт кийимларини сотарди. Ёки Субханбердин, энг йирик молиячи, ва ҳоказо. Аслида эса бундай нарсанинг ўзи йўқ эди. Бу болаларни руҳлантиришни хоҳлардим”.