Қозоғистоннинг Атиров вилоятида истиқомат қилувчи муҳандис Қуролбек Қармисов Россиянинг “Нима? Қаерда? Қачон?” интеллектуал ўйинида Виктор Сиднёвнинг жамоаси устидан ғолиб келиб, биллур бойқуш ҳамда 530 минг рубль пул мукофотига эга бўлди. Бу ҳақда AlmatyNews агентлиги хабар бермоқда.

Финалда билимдонлар жамоаси мухлислардан 6:4 ҳисобида мағлубиятга учради ва, қоидага кўра, бош мукофот энг яхши савол муаллифига насиб қилди.

Қозоғистонлик мухлиснинг саволи Александр Друзь ва Максим Поташовни ўйлантириб қўйди. Савол Японияда тарқалган “Тоорянсэ” ўйини ҳақида эди. Бу ўйин Япония ҳукумати томонидан қандай мақсадда ишлатилиши ҳақидаги саволга билимдонлар жавоб бера олмади.

Улар шу йўл билан ҳакамлар ва судьялар танлашини тахмин қилиб кўришди. Аслида эса, маълум бўлишича, у светофор сигнали сифатида қўлланар экан.