Samsung DRAM-хотиралар сотиш бўйича рекорд ўрнатди

Жаҳон 02 Июль 2015 3314

Кореянинг Samsung Electronics компанияси оператив хотира чиплари бозорида янги рекорд қад қилди. Бу ҳақда IHS Technology таҳлилчилари ҳикоя қилиб берди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2015 йилнинг биринчи чорагида компания DRAM-микросхемалари сотишдан 5.28 млрд доллар фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41.3 фоизга кўпроқдир.
Бунинг натижасида, ўз навбатида, компаниянинг бозордаги улуши охирги тўрт йил ичида энг юқори натижани қайд қилиб, 44.1 фоизни ташкил қилди. Samsung’нинг чиплар бозоридаги энг яхши натижаси – 45 фоиз – 2011 йилнинг учинчи чорагида қайд қилинган эди.
Оператив хотира чиплари сотиш бўйича иккинчи натижаларни Кореянинг бошқа компанияси – SK hynix кўрсатмоқда. Унинг ҳисобот давридаги тушуми 3.31 млрд долларни ташкил қилиб, жаҳон бозорининг 27.6 фоизини ташкил қилди.
Кучли учликни АҚШнинг Micron Technology компанияси якунлаб беради. Унинг натижалари: 2.53 млрд доллар, бозорнинг 21.2 фоиз улуши. Шунингдек, кучли бешликка Тайваннинг Nanya (3.1 фоиз) ва Winbond (1.3 фоиз) компаниялари кирди.

Кўпроқ янгиликлар