Туризмни ривожлантириш дастури доирасида Тошкент халқаро аэропорти модернизация қилиниб, унинг комплексида янги бино қурилади.

Ушбу аэропорт 1924 йили қурилган бўлиб, туризм индустрияси талабларига ҳар доим ҳам жавоб бера олмаётган эди. 2018 йилга қадар бу ерда янги йўловчи терминали қурилади. Лойиҳанинг қиймати 797.3 млрд сўмни (312 млн доллар) ташкил қилади.

Бундан кўзланган мақсад аэропортнинг ўтказиш қобилиятини икки баробарга ошириб, соатига 3 минг йўловчи ўтказиш имкониятини яратишдир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси вакилининг сўзларига қараганда, аэропорт хизматларидан йилига 3 млн киши фойдаланади. Ўтган йили мамлакатга ташриф буюрган 2 млн сайёҳларнинг асосий қисми айнан шу аэропорт орқали ўтган.

Аэропорт хизматидан фойдаланганлар паспорт назорати хизматининг секин ишлаши, юкнинг келишини узоқ кутиш кераклигидан нолимоқда. Айтилишича, аэропортдан шаҳарга чиққунга қадар 3 соат вақт ўтиб кетади.