Фейсбукдаги “Жамоатчилик назорати” гуруҳи иштирокчилари бекатларда автобусларни узоқ вақт кутишаётганини айтишмоқда.

Фойдаланувчилардан бирининг ёзишича, у эрталаб бекатда бир соат 115-сонли автобусни кутган. Қарама-қарши томондан учтаси ўтгану, бироқ қайтиб келмаган. “Ҳар доим ҳам таксида юришни “чўнтак” кўтармайди”, дейди у.

Фойдаланувчининг ёзишича, у “Тошшаҳартрансхизмат” компаниясининг телефон рақамларига қўнғироқ қилганда, унга жавобан автобусларнинг интервали 1,5 ёки 2 соат бўлиши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек, фикр билдираётганларнинг аксарияти автобусларни соатлаб кутгани етмаганидек, уларнинг йўловчилар билан тўла келишидан ҳам норози бўлишмоқда. “46 йўловчи сиғадиган автобусларга 60 йўловчи чиқади, улар орасида ёш болали аёллар, қариялар бор, +40 даража иссиқда бунга чидаш қийин”, дейилади изоҳлардан бирида.

Эслатиб ўтамиз, “Тошшаҳартрансхизмат” АК маъмурияти автобуслар қатнови орасидаги танаффус вақти узайиши мумкинлигини маълум қилиб, бунга сабаб сифатида ёнилғи етказиб берилишининг 30 фоизга қисқарганини кўрсатган эди. Бироқ шундан сўнг, "Ўзбекнефтгаз” компанияси жамоат транспортларини узлуксиз таъминлаш учун ёнилғи етарли эканлигини маълум қилган.