“Зита ва Гита” сингари кўплаб фильмлар орқали танилган ҳинд кинематографи юлдузи Ҳема Малини Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбидаги Ражастон вилоятида автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Indian Express газетасининг онлайн версияси хабар бермоқда.
Айтилишча, актрисага тегишли Mercedes автомашинаси бошқа русумдаги енгил автомобиль билан тўқнашиб кетган. Ҳалокат оқибатида бир бола ҳалок бўлган, тўрт киши жароҳат олган.
Малини Жайпурдаги Fortis хусусий шифохонасига ётқизилган. Шифохона вакилларининг ишонтириб айтишича, актрисанинг ҳаёти хавф остида эмас.
Аграга кетаётган актрисанинг машинасини унинг шахсий ҳайдовчиси бошқариб кетаётган бўлган.