АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Виктория Нуланднинг маълум қилишича, расмий Вашингтон ҳозирча мамлакат президенти Барак Обама ва Россия раҳбари Владимир Путиннинг учрашувини ташкил этишни режалаштирмаган.

"Биз ҳозирча бундай учрашув ташкил қилиш бўйича режа тузмаганмиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади", дейди Нуланд "Эхо Москвы" радиостанцияси эфирида шу хусусда берилган саволга жавобан.

Март ойида Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида ўтказиладиган БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши вақтида Барак Обама билан алоҳида учрашиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

"Улар (Обама ва Путин) телефон орқали гаплашиб туришади. Ўйлашимча, улар қандай тарзда музокаралар ўтказишни ўзлари яхши билишади", деб қўшимча қилган Виктория Нуланд.