АҚШнинг миллий байрами Тошкентда нишонланди

Ўзбекистон 03 Июль 2015 3697

2 июль куни Тошкентда АҚШнинг мустақиллик кунини нишонлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. “Туркистон-пресс” агентлигининг хабар беришича, тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен иштирок этди.
Спратлен хоним ўз чиқишида 1991 йилдан буён икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ҳар томонлама ривожланиб келаётганини таъкидлаб ўтди.
Элчи АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан бири бўлганлигини эслатиб ўтди. Шунингдек, у Ўзбекистон тарихий-маданий меросининг муҳим аҳамият касб этишини, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий марказлар дунё ҳамжамиятининг диққатини тортиб келаётганлигини алоҳида қайд қилиб ўтди.
АҚШда 239 йилдан буён 4 июль куни нишонланиб келаётган Мустақиллик куни ҳақида гапираркан, Спратлен хоним АҚШнинг асосий ютуқларидан бири ўшанда яратилган тизим бугунга қадар, кўплаб синовлар ва қийинчиликлардан ўтган ҳолда ишлаб келаётгани эканлигини айтди.
“АҚШнинг барқарорлиги тижорат иқтисодиёти, қонун устуворлиги, машаққатли меҳнат ва қадриятларимизга асосланади”, – ўз фикрларига хулоса ясади АҚШ вакили.

Кўпроқ янгиликлар