Франция маданият арбоблари президент Франсуа Олландга махсус мурожаатнома йўллаб, унда Жулиан Ассанж ва Эдвард Сноуденга бошпана беришни илтимос қилишди. Мурожаатнома Mediapart порталида эълон қилинди.

“Бир неча йиллар мобайнида Ассанж ва Сноуден ўз жасоратлари учун қувғинликда юрибди. Барча бирдай бўлиб уларнинг кураши адолатли эканлигини таъкидласа-да, улар тушиб қолган вазият хавотирга ва норозиликларга сабаб бўлмоқда... Улар бир неча маротаба Францияга мурожаат қилиб, АҚШ бизнинг давлатимизга қарши юритган амалиётлардан бир қанчасини фош қилишди”, – дейилади мурожаатда.

Очиқ хатни имзолаганлар қаторида режиссёрлар Жак Одияр, Матье Кассовиц ва Коста-Гаврас, актёрлар Луи Гаррель, Венсан Кассель, Ирэн Жакоб ва Людвин Санье, бастакор Жан-Мишель Жарр, ёзувчи Ромен Дюри, собиқ футболчи Эрик Кантона ва бошқалар бор.