ИШИД гуруҳи жангарилари Суриядаги қадимий Пальмира шаҳридаги яна бир қанча ёдгорликларни йўқ қилишди. Санъат тарихининг нодир ёдгорликлари бўлмиш олтита ҳайкалнинг босқон ёрдамида синдириб ташлангани қайд қилинган фотосуратлар интернетда эълон қилинди.
Энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 2 минг йиллик тарихга эга 3 м ли арслон ҳайкали ҳам синдириб ташланганлар қаторидан ўрин олди. Сурия музейи қадимиятлар департаменти директори Маъмун Абдулкарим бўлиб ўтган воқеани “ИШИДнинг Пальмира меросига қарши содир этган энг жиддий жинояти” деб баҳолади.
Оҳакдан ясалган ушбу ҳайкал 1977 йили Польша археологлари томонидан ал-Лот ибодатхонасидан топилган бўлиб, қадимги арабларнинг осмон ва ёмғир маъбудасига бағишланган эди. Унинг оғирлиги 15 тоннани ташкил қилади.
ИШИДнинг маълум қилишича, ҳайкаллар уларни чет элга олиб чиқиб келмоқчи бўлган контрабандачидан тортиб олинган.