Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирза Сафаров “Оила даврасида” нашрига берган интервьюсида бугунги санъат оламига ҳамда ундаги санъаткорларга муносабат билдириб, мавқеидан кеккайиб кетган айрим санъат вакилларини танқид остига олди. Унинг сўзларига кўра, санъаткор ўзини халқдан четда тутиши ва ундан устун қўйиши катта хатоликдир.
“Агар санъаткор ўзини элдан катта тутиб, манманликка берилса, халқ кичкина жимжилоғи билан сал туртиб қўяди, қандай осмонга чиққан бўлса, шундай ерга тушади, – дейди таниқли санъаткор. – Камтар бўлсангиз, халқ ичида бемалол юрасиз, манманликка берилдингизми – завол топасиз. Санъаткор манманлик билан мартабага эришмайди. Тўғри, санъатнинг ичига аралашиб, пул топиши, энг қиммат машинада юриши, данғиллама ҳовлилар қуриши мумкин, аммо санъаткорнинг мартабаси бу билан ўлчанмайди”.