Ўзбекистон Қуролли кучлари техник қайта қуролланиш йўлидан бормоқда, эскириб қолган қурол-аслаҳа турлари ўрнига янги микропроцессор технологияси негизидаги юқори аниқликдаги қурол-аслаҳа келмоқда.

Бугунги кунда ўлчаш ишлари қўшинларнинг барча фаолиятига кириб бормоқда ҳамда ҳарбий техниканинг жанговор тайёрлиги ва хавфсизлиги, самарали ва бенуқсон ишлашини таъминламоқда. Бунда ҳарбий метрологлар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан техник ўлчаш асбобларининг сифатли ва тўхташсиз ишлаши устидан доимий назорат олиб борилмоқда, уларнинг созлигини текшириш ишлари амалга оширилмоқда.

Айни пайтда турли жанговор вазифаларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намуналарини қўллаган ҳолда кўплаб аниқ ўлчашларни ташкил қилмаган ва ўтказмаган ҳолда сифатли ҳал қилиб бўлмайди. Замонавий ўлчаш асбоблари ва мажмуалари даврий текширувни ва созлашни талаб қилади ҳамда ҳарбий метрологларнинг ўз билим ва тажрибаларини мунтазам такомиллаштириб боришларига туртки беради.
Шу мақсадда мутахассислар Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институтида вақти-вақти билан малака ошириш курсларидан ўтиб турадилар.

Электротехник ўлчашлар бўлимида ҳар куни кўплаб электр ўлчаш асбобларига хизмат кўрсатилади. Ушбу мақсадда Мудофаа вазирлиги қўшинлари учун янги стандартлар ва техник шароитлар яратилган. Янги рақамли ўлчаш воситалари билан таъминланганлик эвазига текшириладиган асбоблар рўйхати кенгайди. Ўлчаш воситаларини текшириш ва таъмирлаш, эталонларни сақлаш методикалари такомиллашмоқда.