Ўзбекистон харид қилиш қобилияти эътиборга олинган ҳолда тузилган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) бўйича жаҳон рўйхатида 64-ўринни эгаллади. Бу Жаҳон банки маълумотларида кўрсатилди.
Жаҳон банкининг 2014 йил якунларига кўра тузган ЯИМ рейтингидан 189 мамлакат ўрин олди.
Жаҳон банки эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон 171.416 млрд доллар ЯИМ (сотиб олиш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда) кўрсаткич билан 64-ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилги рейтингда Ўзбекистонга 156.256 млрд доллар билан 66-ўрин берилган эди.
Иқтисодиёт ҳажми маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ўтган йили 62.644 млрд долларни ташкил қилган. Бу дунё бўйича 73-натижадир. 2013 йилда у 75-ўринда эди.
Шунингдек, аҳоли бошига ЯИМ 2.090 минг долларни ташкил қилади, бу 2013 йил натижасидан (1.878 минг доллар) 11.29 фоизга кўпроқдир. Бу борада Ўзбекистон жаҳон бўйича 159-дир. Харид қилиш қобилиятини эътиборга олган ҳолда жон бошига ЯИМ 5.840 минг долларни ташкил қилди (146-ўрин).