Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани Тошовул фермерлар уюшмасида деҳқончилик билан шуғулланиб келган Гена ва Артур бир куни умумий танишлари Лочинбек билан учрашиб қолишди. Лочинбек уларни Россияга юборишини, у ерда деҳқонларга ойига 250 доллар маош беришини айтди.
Орадан маълум муддат ўтиб, улар Россиянинг Краснодар ўлкасига йўл олишди. Лочинбекнинг таниши Ринат уларни Виктор исмли шахснинг қўлига топширди.
Гена ва Артур Викторнинг ерида узоқ ойлар меҳнат қилиб, пул ололмади, сўнг Россияда бўлиш қоидаларини бузганликлари учун Ўзбекистонга депортация қилинди. Юртига қайтиб келгач, улар Лочинбек устидан тегишли идораларга арз қилишди.
“Даракчи” газетасининг ёзишича, суд Лочинбек Абдуфозиловга жазо тайинлашда унинг шахсини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, оилавий шароитини, қарамоғида битта вояга етмаган фарзанди борлигини, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ярмидан кўпроғи, Гена Цойга етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, тегишли муддатга озодликдан маҳрум этди.