Саудия Арабистонида янги «Нажран ёшлари» қуролланган мухолифат гуруҳи пайдо бўлди. Улар қиролликнинг Нажран провинцияси жанубий-шарқий қисмида жойлашган, деб ёзмоқда Эроннинг Fars ахборот агентлиги.

Мазкур ташкилот Яманга чегарадош ҳудудда Яман давлатини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган «Нажраннинг озод фуқаролари» гуруҳи ташкил топганидан 10 кун ўтиб тузилган.

1920-1930 йиллар давомида Яман ва Саудия Арабистони Нажран провинцияси учун кураш олиб борган. 1934 йилга келиб мазкур ҳудуд провинция номини олган ва қироллик ҳудудига киритилган. Ўшандан буён мазкур ҳудуд аҳолиси доимий равишда норозиликлар уюштириб туришади.

Провинция аҳолисининг аксар қисми Яман давлатини қўллаб-қувватлайди. Ҳозирда Нажранда 1,6 млн.дан ортиқроқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги Ислом динининг шиа мазҳаби вакиллари саналишади. 2000 йилда Нажранда исмоилийлар ва ҳукумат кучлари ўртасида бир неча қуролли тўқнашувлар кузатилган.