2007 йилдан 2012 йилгача АҚШ Сенатига Виржиния штатидан сенатор бўлган Жим Уэбб Демократлар партияси номидан 2016 йилда АҚШ президентлиги учун ўтказиладиган сайловда иштирок этишини маълум қилди. Унинг бу ҳақда баёноти шахсий сайтида чоп этилган.

"Узоқ вақт давом этган ўйлашлар ва муҳокамалардан кейин мен АҚШ президентлиги учун сайловда иштирок этишга қарор қилдим", дейди Вьетнам уруши фахрийси ҳисобланадиган 69 ёшли сиёсатчи.

Шу тариқа Жим Уэбб АҚШ президентлиги учун ўз номзодини кўрсатган бешинчи демократга айланди.

Бунгача собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Род-Айленднинг собиқ губернатори Линкольн Чэффи, Мэриленд штатининг собиқ губернатори Мартин О`Мелли ҳамда Вермонт штатидан бўлган мустақил сенатор, демократик қарашларга эга бўлган партиясиз Бернард Сандерс ўз номзодлари ҳақида эълон қилишганди. Демократларнинг сайловолди съезди 2016 йилнинг 25-28 июль кунларида, Филадельфияда ўтказилади.

Республикачилар партиясидан эса шу вақтгача 9 нафар вакил президентлик учун курашиш истагини билдирган. Булар сенаторлар Тед Круз, Рэнд Пол, Марко Рубио, Арканзаснинг собиқ губернатори Майк Хакаби, нейрожарроҳ Бен Карсон, Пенсильваниядан собиқ сенатор Рик Санторум, Hewlett-Packard компаниясининг собиқ раҳбари Карли Фиорина, Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш, миллиардер Дональд Трамп ҳисобланади. Шунингдек, Нью-Йоркнинг собиқ губернатори, республикачи Жорж Патаки яқин қариндоши оғир хасталикка чалингани учун ўз номзодини қайтариб олган. Республикачилар ўз сайловолди съездини 2016 йилнинг 18-21 июль кунларида Кливлендда ўтказишни режалаштиришган.