Япониянинг Sony компанияси тасвирлар датчиклари ишлаб чиқариш билан боғлиқ тез суръатларда ўсаётган бизнесга инвестиция киритиш мақсадида 440 млрд иенлик (3,6 млрд доллар) акцияларини сотишни режалаштираётганини эълон қилди.

Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, компания 321 млрд иенни акцияларнинг очиқ эмиссиясидан ва 119 млрд иенни конвертация қилинадиган облигациялар чиқариш орқали жалб қилишни мўлжалламоқда. Шу тариқа гап корпорациянинг жорий бозор нархининг (33,6 млрд доллар) 10 фоизига тенг бўлган даромад ҳақида кетмоқда.

Компанияда айтилишича, олинган пуллардан катта қисми фотомодуллар ва бошқа яримўтказгичли компонентларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Devices бўлинмасидаги илмий-тадқиқот ишларига ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун сарфланади.

Sony яқин уч йилда тасвир датчиклари савдосини 62 фоизга, яъни 12,3 млрд долларгача ошира олишини башорат қилмоқда. 2015 йилнинг 31 мартига кўра, компаниянинг ҳисоб рақамларида 11,5 млрд долларик соф пул маблағлари йиғилиб қолган.

Sony нинг қимматбаҳо қоғозлар сотиш ҳақидаги эълони акцияларининг 8,3 фоизга қадрсизланишига олиб келди. Бундай ҳолат 2014 йилнинг 18 сентябридан кузатилмаган эди. Жорий йилнинг бошидан Sony акциялари 40 фоизга қимматлашган эди.