Бугун футболга оид сайтларда россиялик таниқли ҳужумчи Александр Кержаков Тошкентнинг “Локомотив” футбол клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.

Хўш, бу ўтиш амалга ошадими? Кержаков иккинчи давра арафасида “Локомотив”га келиб қўшиладими? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида “Локомотив” бош мураббийи Вадим Абрамовга мурожаат қилдик.

“Кержаков “Локомотив”да? Ўзимизнинг “Локомотив”ми ёки “Локомотив” Москвами? Агар гап ўзимизнинг “Локомотив” ҳақида бораётган бўлса, бу гапни энди биринчи бор эшитиб турибман. Албатта, Кержаков тажрибали ҳужумчи, уни ўз сафимизга қўшиб олсак, жамоага кўп фойдаси тегиши мумкин. Лекин биз бу футболчи билан ҳеч қандай музокара олиб борганимиз йўқ. Аммо шуни унутмайликки, футболда ҳар нарса рўй бериб қолиши мумкин”, – дейди Вадим Абрамов.

Манба:lokomotiv.uz