Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди жорий йил 6 июль кунида расмий ташриф билан мамлакатимизга келади.

Изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон - Ҳиндистон муносабатларидаги конструктивлик сабаби кўп жиҳатдан икки дўст халқлар ўртасидаги бир-бирини тўғри тушуниш ва ўзаро ишончнинг юқори даражада эканлиги ҳамда қадимдан тарихий-маданий ва маънавий муштараклик ришталари мустаҳкам боғланганлиги билан изоҳланади.

Давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги солномаси Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши тарихи билан чамбарчас боғланган. Ҳиндистон Ўзбекистоннинг давлат суверенлигини биринчилардан бўлиб тан олган. Дипломатия муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Протокол эса 1992 йилнинг 18 март куни Тошкентда имзоланган эди.

Ўтган йиллар давомида республикалар ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро аҳамиятга молик бўлган 80га яқин ҳужжатдан иборат мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий замин яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил май ойида Ҳиндистонга буюрган давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тараққиётида муҳим воқеа бўлиб қолди. Ушбу ташриф Ўзбекистон - Ҳиндистон ҳамкорлигига сифат жиҳатдан янгича аҳамият бахш этди. Олий даражадаги музокараларнинг якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам ўтказилаётган сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ҳар томонлама ҳамкорлигини равнақ топтиришга кўмаклашадиган муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Бунда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТ доирасида ҳар икки давлат муваффақият билан ривожлантириб бораётган сиёсий мулоқотлар ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг асоси бўлиб қолмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон - Ҳиндистон алоқаларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Томонлар тенг ва ўзаро манфаатли шерикликни ҳаётга тадбиқ этишнинг яхши тажрибасига эга. 1992 йили тузилган ҳукуматлараро комиссия самарали механизм сифатида хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида мазкур комиссиянинг ўнта йиғилиши бўлди.

Ҳозирги пайтда мамлакатлар ўртасида ўзаро савдога қулай муҳит яратиш режими амал қилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 315,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган 23та ҳинд компанияси аккредитациядан ўтган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида ҳинд сармояси иштирокидаги 77та корхона, шу жумладан, 100 фоиз чет эл капитали асосидаги 11та корхона иш олиб бормоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тўқимачилик саноати соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2012 йили Тошкентда, 2013 йили эса Деҳлида Тўқимачилик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Шунингдек, ўзаро саъй-ҳаракатларнинг яна бир истиқболли соҳаси сайёҳлик ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ноёб табиий ва тарихий-маданий ёдгорликларнинг мавжудлиги бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратади.

Маданий-гуманитар соҳадаги шериклик ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим қирраси ҳисобланади. Бу жиҳат ўзбек ва ҳинд халқлари ҳамкорлигининг кўҳна анъаналари амал қилиши нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга молик. Маълумки, икки мамлакат халқлари кўпгина тарихий ва маданий муштаракликларга эгадир. Шу маънода, ҳар икки давлат солномасида чуқур из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси кўп асрлик ўзбек-ҳинд муносабатларининг тарихида ўта муҳим боғловчи бўғин ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ресурслари ривожланиши соҳаларини такомиллаштириш ишида ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига эга. Ҳиндистон техник-иқтисодий кўмаклашиш дастури (IТEC) доирасида қатор ўзбек мутахассислари ахборот технологиялари, сув ресурсларини бошқариш, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва бошқа йўналишларда Ҳиндистоннинг нуфузли олий ўқув муассасаларида малака ошириш курсларини ўташди.

2006 йилнинг апрелида Тошкентда Ж.Неру номидаги Ўзбекистон - Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази очилган эди. 2011 йилнинг январида Деҳли шаҳрида Ахборот технологиялари бўйича Ўзбекистон - Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган.

ХХ асрнинг 40-йилларидан бери Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида ҳинд тилидан сабоқ берилади. Ҳинд тилини хорижда илгари суришга катта ҳисса қўшгани учун 2014 йили мазкур олий ўқув юртининг профессори Озод Шаматов доктор Ж. Грирсон номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди. Ўзбекистон пойтахтида ҳинд тили ўқитиладиган иккита мактаб фаолият кўрсатади. Деҳлидаги «Джамия Миллия Исламия» университетида ўзбек тили курслари мавжуд.

Икки мамлакат маданият арбоблари турли йўналишларни қамраб олган тадбирларда, хусусан, амалий ва тасвирий санъат кўргазмалари, киноанжуманлар ва мусиқа фестиваллари ишида мунтазам иштирок этишмоқда. Масалан, 2013 йили Самарқандда бўлиб ўтган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳинд ашулачиси Рашми Агарвал ушбу маданий анжуманнинг Гран-при мукофотига сазовор бўлди.

Спорт соҳасидаги алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашмоқда. Ҳиндистонда Кураш миллий ассоциацияси фаолият кўрсатмоқда.

Кўп асрлик дўстона алоқаларнинг анъанасига содиқлигини намойиш қилган ҳолда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлараро шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичларга олиб чиқиш юзасидан муштарак манфаатдорликни намоён этмоқда.

Шундай экан, Тошкентда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларга, энг аввало, томонларнинг тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган муштарак қизиқишининг ва бунга ўзаро тайёрлик мавжуд эканлигининг яққол тасдиғи сифатида қараш мумкин.