3 июль куни Кванджуда “Универсиада-2015” ўйинлари бошланди

Спорт 04 Июль 2015 2115

3 июль куни Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида талаба спортчилар ўртасида ўтказиладиган Универсиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳақиқий байрамона рухда ташкил этилган очилиш маросимида маҳаллий санъат усталарининг чиқишлари ҳамда театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.

Жанубий Корея давлати раҳбари Пак Кин Хе ўйинларни очиқ деб эълон қилди.

“Универсиада-2015” ўйинлари 3-14 июль кунлари ўтказилади ва унда 120 давлатдан келган 12.000 нафар талаба спортчилар спортнинг 21 турида ғолиблик учун баҳс юритади.

Бутунжаҳон Универсиада-2015 ўйинларида Ўзбекистон шарафини 31 нафар спортчи Академик эшкак эшиш, Енгил атлетика, Таэквондо (WTF), Теннис, Қиличбозлик, Спорт гимнастикаси, Бадиий гимнастика ва Дзюдо каби спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ватан шарафини ҳимоя қилади.

Дунё мамлакатлари олий ўқув юртлари талабаларининг ўзига хос олимпиадаси сифатида эътироф этиладиган ёзги универсиадага 1959 йилда асос солинган. 1960 йилдан бошлаб қишки спорт турлари бўйича ҳам талабалар ўйинлари ўтказиш йўлга қўйилган. Бу нуфузли мусобақалар Халқаро университет спортлари федерацияси (FISU) томонидан ташкил этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон вакиллари ёзги Универсиадаларда 1999 йилдан буён иштирок этишни бошлаган, 2001 йилда 1та олтин, 2003 йилда 2та олтин, 2005 йилда 1та олтин, 2007 йилда бир олтин ва бир кумуш, 2009 йилда 2та бронза, 2011 йилда битта бронза қўлга киритилган.

2013 йилда эса Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган XXVII Бутунжаҳон универсиадасида талабалар 2 олтин, 7 кумуш ва 10та бронза медалга эга бўлишган.

Бу галги Бутунжаҳон универсиадаси ўзбек спортчилари учун 2016 йилги ёзги XXXI Олимпия ўйинлари учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўташи кутилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар