Ганада 53 ёшли эркак ўз иммунитетини кўтариш мақсадида илоннинг чопилган бошидаги барча заҳарни ичиши оқибатида заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда Ghana News Agency хабар бермоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеа Муса Жикпор исмли ушбу шахснинг ўз дўстининг фермасига борганида содир бўлган. Фермадаги тракторчи йўлда илон кўриб қолган ва уни йўлдан олиб ташламоқчи бўлган. Бироқ илон ўзини тажоввузкор тутгани сабабли тракторчи уни мачете билан бошини чопиб ташлаган. Бу ерларда илоннинг боши қимматли маҳсулот ҳисоблангани боис, қишлоқ аҳолиси бу ўлжа кимга насиб қилиши борасида баҳслаша бошлаган.

Бу орада Жиклор илоннинг бошини қўлга киритиб, ундаги барча заҳарни ичиб юборган. Ярим соатдан кейин у шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Гувоҳларнинг таъкидлашларича, заҳар Жиклорнинг териси рангига дарров таъсир қилган.

Полиция Жиклорнинг илон заҳридан ўлганини тасдиқлади.