Хитойнинг Юньнань провинциясида яшовчи Ван Кайюй исмли фермер икки йил давомида “итлар” деб боқаётган жонзотлари аслида ҳимолай айиқлари эканини пайқаб қолди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар бермоқда.

Хитойликнинг айтишича, у икки йил аввал Вьетнам чегараси ёнидаги ҳудудда банан етиштириш билан шуғулланган. У ўша ерда кучук болалар сотаётган вьетнамлик савдогардан иккита кучук боласи сотиб олган.

Вақт ўтиши билан Ван Кайюй унинг “итлари” маҳаллий итларга ўхшамаслигини ва ўзларини ғалати тутаётганларини сеза бошлаган. Хитойлик яқинда ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш тадбиридан у боқаётган “итлар” аслида камёб ҳимолай айиқлари эканлигини билиб қолган. Фермер ёрдам сўраб ўрмон хизматига мурожаат қилган. Бу хизмат ходимлари айиқларини олиб кетишган.

Ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш маркази вакилининг айтишича, бири эркак ва бири урғочи бўлган айиқлар ўзларини яхши ҳис қилмоқда.