Грецияда бўлиб ўтаётган халқ референдумининг илк экзит-полларига кўра, кредиторларнинг таклифларига қарши бўлган томон устунлик қилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости ишончли манбасига асосланган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозиргача сайловчиларнинг 8 фоизини "йўқ" жавобини берганлар ташкил қилмоқда. Иккинчи вариант тарафдорлари эса 4 фоизни ташкил этмоқда.

Хабарда ёзилишича, кредиторлар билан музокараларга қаршилар ғалаба қозониши ойдинлашиб бормоқда.

Грецияда маҳаллий вақт билан соат 7:00 да мамлакат фуқаролари мамлакатга молиявий кўмак кўрсатган уч кредитор – Халқаро валюта жамғармаси, Европа Марказий банки ва Еврокомиссиянинг ислоҳотлар ўтказиш таклифларига ўз муносабатларини билдириш бўйича миллий референдум бошланди. Референдум 12 соат давом этиб, 19:00 да якунланади.

Греклар бу ташкилотлар томонидан Еврогуруҳнинг 25 июндаги йиғилишида тақдим қилинган келишув лойиҳасини қабул қилишга тайёр-тайёрмасликларига жавоб беришлари керак бўлади.

Референдум натижалари Грециянинг евроҳудуддан чиқишига ёки мамлакат томонидан кредиторлар билан музокараларни қайта бошлашга олиб келиши мумкин.

Ҳозирги кунда Грецияда капиталларнинг оқимини назорат қилиш бўйича чоралар киритилган, мамлакат фуқаролари банкоматлар орқали ечиб оладиган нақд пул миқдори кунига 60 евро миқдорида чеклаб қўйилган.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, референдумда 8,5 млнга яқин фуқаро қатнашиши мумкин.

Қайд этилишича, агар референдумда 40 фоиздан кўпроқ сайловчилар иштирок этса, у ҳақиқий деб топилади.