Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев "Россия 24" телеканали, "Формула власти" кўрсатуви бошловчиси Михаил Гусман билан суҳбат вақтида бир қатор саволларга жавоб берди.

"Президентлик лавозими катта масъулиятни талаб қилади. Бошқа ҳар қандай лавозимлардагидан кўра каттароқ масълулиятни талаб этади. Менда ва бошқа президентларда иш куни бўлмаган кун йўқ. Дам олиш кунларида ҳам, таътилларда ҳам, кундузи ҳам, тунларда ҳам иш билан банд бўлиш керак", дейди Назарбоев.

У 6 июль куни 75 ёшга тўлади ва суҳбат давомида бу сана ҳақида ҳам алоҳида эслаб ўтилди.

"Бир сўз билан айтадиган бўлсам, бу кунни жуда юқори кайфиятда қарши оламан. Худога шукрки, мамлакатимизда тинчлик ҳукмрон. Бу йилда шахсий ҳаётимда ҳам, сиёсий фаолиятимда ҳам ютуқларга эришдим. Қозоғистон президентлиги учун навбатдаги сайловда ғалаба қозондим. Бу эса албатта кайфиятим аъло даражада бўлишини таъминлайди. Ҳар қандай сиёсатчи билан шундай бўлиши табиий", дейди Қозоғистон раҳбари.

"75 ёш арафасида турибман. Ёшлигимизда мисоли бир дурбин тутиб, фақат олдинга қарардик. Энди вақти келиб, шу дурбин билан ортга кўп юзланамиз. Вақт тез ўтган, ўтмишдан жуда кўп ёрқин хотиралар қолган. Лекин ҳали тугалланмаган ишларимиз ҳам бор", дейди у.

Назарбоев ўз хотираларидан бири сифатида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларини эслайди.

"Отам ҳар куни тонгда ишга кетаркан, мени уйғотиб юбормасликка, аяшга уринарди. Онам ҳам менга ўзининг бор меҳрини берган. Мен улардан олинган энергия билан ҳалигача ишлаб келяпман", дейди Нурсултон Назарбоев.

Маълумот учун, Қозоғистон президентининг отаси Абиш Назарбоев (1903-1971) ўзи мансуб бўлган жамиятнинг энг илғор кишиларидан бўлиб, қозоқ ва рус тилларидан ташқари, болгар тили ва маданиятини ўрганган. У қозоқ миллий қўшиқларини маҳорат билан ижро этган. Президентнинг онаси Алжан Назарбоева эса 1910 йилда диндорлар оиласида туғилган.

Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Назарбоева Сара Алписовна мутахассислиги бўйича иқтсиодчи-муҳандис ҳисобланади.
Уларнинг оиласида 3 нафар қиз фарзанд, Дарига, Динара ҳамда Алия туғилиб, тарбияланган.
Нурсултон Назарбоевнинг 8 набираси ҳамда 2 эвараси мавжуд.