Грецияда ўтказилган референдумда ғурур устун келди, деб ҳисоблайди Аргентина президенти Кристина Фернандес де Киршнер.

ТАСС агентлигининг эслатиб ўтишича, якшанба куни ўтказилган референдумда иштирокчиларнинг 61.31 фоизи қарздорлик бўйича хорижий кредиторлар билан шартнома шартларига қарши овоз беришди.

“Греция халқи ташқи қарз реструктуризацияси эвазига ўтказмоқчи бўлинаётган куракда турмайдиган шармандали шартларга “йўқ” деган жавоб берди”, – деб ёзди Аргентина етакчиси Twitter’даги саҳифасида.

Шунингдек, Киршнер хоним Грециядаги бугунги вазиятни Аргентина 2001 йили бўлиб ўтган воқеалар билан таққослади.
“Биз, аргентиналиклар, гап нима ҳақида кетаётганини тушунамиз, – таъкидлади у. – Умид қиламизки, Европа ва унинг етакчилари одамларнинг фикрини инобатга олишади. Одамни ўз ўлими ҳақидаги гувоҳномани имзолашга мажбур қилиб бўлмайди”. У Аргентинанинг илгариги президенти, марҳум турмуш ўртоғи Нестор Киршнернинг 2003 йили БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб айтган сўзларини эслатиб ўтди: “Ўликлар қарз тўламайди”.