Чорасизликдан йиғлаётган грециялик пенсионер Йоргос Чатцифотиадиснинг фотосурати интернетни жунбушга келтирди. Бу суратни “Франс пресс” ахборот агентлиги мухбири суратга олган.

Грециялик 77 ёшли пенсионер рафиқасининг пенсия пулини (120 евро) ечиб олиш мақсадида Салоники шаҳридаги бир нечта банкларда навбатда туришга мажбур бўлди. Бироқ ҳамма ерда рад жавобини олди. Тўртинчи марта у ерга йиқилиб, чорасизликдан йиғлаб юборди.

Қария агентликка берган интервьюсида “ўзининг давлатини бундай чорасиз ҳолда кўришга мадори қолмаганини” айтган.

“Мен юртдошларим нон сотиб олиш учун бир неча цент сўраб тиланчилик қилиб юришганини кўрмоқдаман. Мен борган сари ўз жонига қасд қилишлар сони кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдаман. Мен жуда таъсирчан одамман. Мен ўз юртимни бундай ҳолатда кўришга мадорим йўқ”, деб айтмоқда қария.

Чатцифотиадиснинг айтишича, у рафиқаси билан мамлакатнинг шимолий қисмидаги кўпчилик каби Германияда бир неча йил кўмир шахтасида, сўнгра заводда “ўлиб-қутулиб” ишлаган.

Унинг айтишича, Греция ва Германия хатога йўл қўйган, бироқ бунинг чорасини топиш керак.

Қария унинг уйидан 80 км узоқликда жойлашган сайлов участкасига боришга пули йўқлигини айтган.

Греция ҳукумати 1 июлдан дефолт ва мамлакатнинг евроҳудуддан чиқишидан хавфсираб банкларни ёпиб қўйди. Бироқ 1 июль куни пенсионерлар 120 евролик лимит билан пул ечиб олишлари учун бир нечта банкларга очилишга рухсат берилган.

Бундан хабар топган интернет фойдаланувчилар қариянинг тақдирига ўз муносабатларини билдирдилар.

“Бунга ўхшаш воқеалар юракни эзиб юборади”, деб айтмоқда интернет фойдаланувчиларидан бири.

“Иккита жаҳон уруши якунлай олмаган ишни, иқтисодий уруш якунламоқда...”, деб ёзмоқда яна бир фойдаланувчи.

“Биз Йоргос Чатцифотиадис учун пул йиғиб беришимиз мумкинми? У бутун умри тинмай ишлагандан кейин, пенсиясини ололмаётгани адолатдан эмас”, деб қарияга пул йиғиб бериш таклифи билан чиқди Twitter Kelly лақабли фойдаланувчи.

“Йиғлаётган пенсионер Йоргос Чатцифотиадис рўй бераётган грек фожиасининг юзига айланди”, деб ёзмоқда David O’Sullivan лақабли фойдаланувчи.

“Йоргос Чатцифотиадисга ўхшаган яна қанча одам референдумда қатнаша олмайди?”, деб сўрамоқда Gavin Lumsden.