6 июлда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яшовчи Сюзанна Мушатт Жонс ўзининг 116 йиллик таваллуд аёмини нишонламоқда. Бу ҳақда Гинесс рекордлар китоби маълум қилди. Жонс расман ҳозирда ҳаёт бўлганлар орасида дунёнинг энг ёши улуғ инсони ҳисобланади.

АҚШлик аёл 1899 йил 6 июлда дунёга келган. Аёл 2015 йилнинг 17 июнида 115 йил 346 кунлигида Гинесс рекордлар китобига ҳозирда ҳаёт бўлган энг кекса инсон сифатида киритилди.

Жонсдан унинг узоқ умр кўришининг сири нимада эканлигини сўрашганда, “Уйқу!” деб жавоб берди. Аёл кўзи ожиз ва қулоқлари ҳам яхши эшитмайдиган бўлиб қолган, бироқ у кўрпа-тўшакка ётиб қолмаган ва кунига бор-йўғи иккита дори қабул қилар экан.

Жонс ўзининг Ти лақаби (инглизча auntie сўзидан “хола” деган маънони беради) билан ҳам машҳур. Унинг юзлаб жиянлари бор.

6 июль куни кекса аёл ўз туғилган кунини оила даврасида кутиб олади, эртасига эса дўстлари ва маҳаллий мансабдор шахслар иштирокида каттароқ миқёсдаги байрам ўтказилади.

Инсоният тарихида расман энг кекса инсон 122 йил 164 кун яшаган Жанна Кальман исмли франциялик аёл ҳисобланади.