"Барселона" жамоаси президентлиги учун ўтказиладиган сайловда ғалаба қозониш учун асосий номзод сифатида қаралаётган Жоан Лапорта келгусида Лионель Месси жамоа раҳбариятига бирор футболчи ёки бош мураббийни ишдан бўшатишини сўраб, мурожаат қилмаслигига умид қилишини айтиб ўтди.

"Умид қиламанки, Месси ҳеч қачон "мураббийнинг бошини сўрамайди". Месси инсон сифатида ҳурматга сазовор шахс ва ҳеч қачон бундай қилишни ўзига эп кўрмайди. У шундоқ ҳам майдонда жамоани бошқаради.

Месси қайсидир футболчини таркибдан чиқаришни ҳам сўрамайди. Лекин биз унга ўзини яхши ҳис қиладиган таркиб ва ўйин шароитини яратиб беришимиз керак бўлади. У дунё тарихидаги энг зўр футболчи", дейди Лапорта.