Малайзия валютасининг курси 0.8 фоизга тушиб, охирги 16 йил ичида энг паст натижани қайд қилди. Бугунги кунга келиб 1 доллар 3.8070 рингитга баҳоланмоқда; бу 1999 йил майидан буён энг паст кўрсаткичдир.

Экспертларнинг баҳосига кўра, бунга асосий сабаб ўтган ҳафта бўлган сиёсий жанжалдир. АҚШнинг Wall Street Journal нашри махсус мақола чоп эттириб, унда мамлакат бош вазири Нажиб Раззоқ 1MDB давлат инвестицион жамғармасидан 700 млн доллар олиб, ушбу маблағни турли банклар ва компаниялар орқали ўз шахсий ҳисобларига ўтказганини таъкидлади.
Мамлакатнинг асосий сиёсий партиялари вазиятни муҳокама қилиш учун дарҳол парламентни тўплашни талаб қилишди. Бундан ташқари, бош прокурор Абдулғани Патайл мақолада тилга олинган уч компаниянинг барча ҳужжатларини олиб, ўрганиб чиқишга кўрсатма берди. Бунинг учун аксилкоррупция қўмитаси, полиция ва Марказий банк вакилларидан иборат махсус гуруҳ тузилди.

Бош вазир ва унинг яқинлари бу айбловларни инкор қилмоқда. Нажиб Раззоқ яқин кунларда нашр устидан судга даъво қилиши мумкинлигини маълум қилди. Даъво шу ҳафта сешанба куни пойтахт Куала-Лумпурдаги судлардан бирига берилиши кутилмоқда.