2015 йилнинг 6 июль куни эрта тонг 06:50 да Сурхондарё, Бухоро, Хоразм ва Жиззах вилоятлари зиёратчиларидан иборат гуруҳлар умра амалларини бажариш учун Тошкент–Жидда йўналиши бўйлаб Саудия Арабистонига жўнаб кетишди. Уларга мавсум мобайнида ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳ аъзолари, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазлар хизмат кўрсатадилар.

Зиёратчилар Маккаи мукаррамада “Софват ал-Миад” ва Мадинаи мунавварада “Файрузият ал-Хайр” меҳмонхоналарига жойлашадилар. Уларга Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади.

Умра амалини бажариш учун жўнаб кетган юртдошларимизни Жидда аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича атташе З.Абдуллаев бошчилигида ишчи гуруҳ ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳамюртларимиз сафар мобайнида Макка ва Мадина шаҳарларидаги бир қанча тарихий жойларни зиёрат қилишга ҳам муяссар бўлишади.

Эрта тонгда 170 нафардан иборат зиёратчи, ишчи гуруҳ, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазларни Саудия Арабистонига кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирок этишди.