Қозоғистонда президентнинг туғилган кунига тўғри келадиган Остона куни нишонланади

Жаҳон 06 Июль 2015 2321

Бугун Қозоғистон пойтахти Остонада шаҳар куни нишонланади. Шаҳар 1998 йили президент Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан мамлакат пойтахтига айлантирилган эди. Илгари байрам 10 июнь куни нишонланар эди, лекин 2006 йили сана 6 июлга кўчирилди.

Шу куннинг ўзига Назарбоевнинг туғилган куни ҳам тўғри келади. Бугун Остонанинг 17 йиллиги, президентнинг эса 75 йиллиги нишонланади.

Пойтахти ривожлантириш президентнинг шахсий устувор йўналишларидан биридир, у янги объектлар қурилишини, шаҳарни ободонлаштиришни шахсан назорат қилади. 17 йил ичида Остона Қозоғистоннинг нафақат маъмурий, балки иқтисодий ва маданий марказига ҳам айланди.

Ўз туғилган кунида Назарбоев, одатга кўра, халқ орасида бўлади: Остона кунига бағишланган кўплаб тадбирларда ва халқ йиғинларида иштирок этади. Жорий йилда 70дан ортиқ шундай тадбир ўтказилиши кутилмоқда. Назарбоев шу пайтгача режиссёр Юрий Александров постановкасида “Аида” операсини тинглашга, гольф бўйича очиқ турнир ва қозоқча кураш бўйича “Қозоғистон барси” турнири финалини томоша қилишга улгурди. Кеча у қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаев ҳамда Туркиянинг собиқ президенти Абдулла Гул билан бирга Есиль дарёси бўйида ўтказилган лазерли пиротехника шоусида иштирок этди.

Кўпроқ янгиликлар